9 кун ичида 3 та Суперкубок. «Қироллик клуби» «Юнайтед» ва «Барселона»га қарши

Испания Суперкубогининг икки учрашуви қачон ўтишига ойдинлик киритилди.

Бу ҳақда «Чемпионат» Marca нашрига таяниб маълумот берди.

Бунга қадар ўйинлар санасида аниқ тўхтам йўқ эди. Аввалроқ кубок ўйинлари 12 ва 15 август кунлари ўтиши режалаштирилганди. Энди эса «Реал»нинг Европа Суперкубогидаги ўйини ҳам ҳисобга олиниб, Испания Суперкубоги 13 ва 16 август саналарига тайин қилинди.

Унга кўра, «Эль-Класико»нинг биринчиси 13 август куни «Камп Ноу»да, такрорийси 16 август куни «Сантьяго Бернабеу»да бўлиб ўтади. «Реал» Ла лига чемпиони сифатида, «Барселона» эса Испания кубоги соҳиби сифатида Суперкубокда иштирок этади.

«Қироллик клуби», шунингдек, Европа Чемпионлар лигасининг амалдаги ғолиби сифатида 8 август куни қитъа Суперкубогини қўлга киритиш учун Европа лигаси ғолиби «Манчестер Юнайтед» билан тўқнаш келади. Беллашув Македонияда бўлиб ўтади.

Ла лига Испания Суперкубогидан ташқари, янги мавсум ўйинлари қачон старт олиши масаласига ҳам ойдинлик киритди. Унга кўра, 19 август куни чемпионатнинг 1-тури старт олади. Сўнгги тур 2018 йилнинг 20 май куни ўтказилади. Испания кубогининг навбатдаги ғолиби эса келаси йилнинг 21 апрель куни аниқ бўлади.

Manba: stadion.uz

788 Ko`rilgan 7 Bugun ko`rilgan